Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
  • Asosiy
  •  > 
  • Yangiliklar
  •  > 
  • МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ВА ЭКСПОРТ ДАСТУРЛАРИ - АМАЛДА

  • So‘rov

    Sizga sayt yoqdimi?

    Ha

     13 (81%)

     

    Yo'q

     3 (19%)

     

So‘rovda qatnashganingiz uchun rahmat

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ВА ЭКСПОРТ ДАСТУРЛАРИ - АМАЛДА

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ВА ЭКСПОРТ ДАСТУРЛАРИ - АМАЛДА

22 May 2017г.

Мамлакатимизда кимё саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, уларнинг қувватларидан оқилона фойдаланиш ва энергия тежайдиган, экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш, экспортга мўлжалланган, импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Корхоналарни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётир.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимига кирувчи  “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятида ҳам бу борада бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.  Корхонада маҳсулот таннархини камайтириш борасида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, унга кўра кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, корхонанинг аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш цехларининг назорат-ўлчов асбоб ва қурилмалари замонавий ускуналарга алмаштирилди. Бу эса ўз навбатида технологик жараёнларни автоматик бошқариш имконини берди. Корхонани электр қуввати билан таъминловчи трансформаторларга “Техник кўрик лойиҳаси” дастури асосида энергия тежовчи ускуналар ўрнатилди. Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида энергия тежамкорлиги лойиҳаси доирасида амалга оширилган тадбирлар натижасида йилига 3,7 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришилди.

Айни кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги  "Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ижроси доирасида корхонада энергия тежамкорлиги, ускуналарни техник кўрикдан ўтказиш, босқичма-босқич янгилаш ишлари давом этмоқда. 2017-2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган 20,4 миллион АҚШ долларлик лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга биноан бир қатор цехларда технологик янгиланиш,  реконструкция ва модернизация ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Бу ислоҳотлар айнан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралда қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони тбилан тасдиқланган Дастур талабларини бажариш бўйича корхона чора-тадбирлар режасида мустаҳкам белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда корхонада карбамид, аммиак селитраси, турли кислоталар, кимёвий реагентлар сингари ўттиз беш хилдан ортиқ минерал ўғит ва кимёвий маҳсулотлар ҳамда маҳаллийлаштириш дастури доирасида сульфат магний, сульфат калий, фосфомочевина маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

–Шу қарор доирасида режалаштирилган лойиҳалардан иккитаси жорий йилда бажарилади, – дейди корхона инновация бўлими раҳбари Руслан Абдурашитов. – Уларнинг биринчиси аэропорт ва автомобиль йўлларининг яхмалак бўлишига қарши реагент ишлаб чиқариш бўлса, иккинчиси иситиш қозони, ускуналар ва қувурларни кимёвий тозалашда яхши самара берадиган – нитрат карбамид (антинакипин) тайёрлашдир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки,  корхона маҳсулотлари дунёнинг ўттиздан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда.

–Ташқи бозорда маҳсулотимиз сифати юқори баҳоланмоқда, – дейди корхона экспорт бўлими бошлиғи Яҳё Ҳусаинов. – Бу бизга катта масъулият юклайди. Шу кунларда экспорт ҳажмини янада ошириш, географиясини кенгайтириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Турли кўргазмаларда, мисол учун, халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида фаол иштирок этиб келмоқдамиз. 2016 йили ўтказилган шундай тадбирда Бразилия,  Япония, Чили, Исроил ва бошқа давлатларга карбамид, аммиак селитраси, нитрат аммоний каби маҳсулотларимизни сотиш бўйича келишувга эришдик. 

Айни кунда “Максам-Чирчиқ”да олти минг нафардан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Бу ерда “Устоз-шогирд” анъанасининг яхши йўлга қўйилгани йигит-қизларнинг жамоага тез мослашиши ва иш жараёнини ўрганишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Охирги 4 йилда 450 нафар,  шу жумладан, ўтган йили корхонага 75 нафар коллеж битирувчилари ишга қабул қилинган. Ҳозирги кунда ушбу коллеж битирувчилари ўз  иш жойларида касб сирларини пухта ўзлаштириб, самарали меҳнат қилмоқдалар.

– Ўтган йили аммиак ишлаб чиқариш мажмуасининг “Синтез” –цехига чилангар-электрик мутахассислигим бўйича ишга қабул қилиндим, дейди улардан бири Азимжон Акрамов. - Менга юқори малакали электрик Тўлаев Бунёд устоз сифатида бириктирилди. Устозимдан кўп нарсаларни ўрганмоқдаман.

Корхона кадрлар бўлими тақдим этган маълумотга кўра, жорий йилда яна саксон нафар коллеж битирувчилари иш билан таъминланади.

Ҳозирги кунда корхонада иш унумдорлигини, маҳсулот сифатини янада ошириш, экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш орқали иш ўринлари очиш, қолаверса, ишчи-хизматчиларни мазмунли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши учун яратилган шарт-шароитларни яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Холмурод САЛИМОВ,

“Тошкент ҳақиқати” мухбири.

Мансур ҲИММАТОВ олган сурат.

(“Тошкент ҳақиқати” газетаси, 2017 йил 26 апрель 34-сонидан олинди.)

 
 
Back to the list